Polaroid

Жорий мавсум олий лига ва Чемпионлар лигасида Александр Гейнрих намойиш этган чиройли ўйинлари билан ажралиб турди.

«Пахтакор»нинг тўпурарига айланган Саша айни пайтда юзага келган таътилдан фойдаланиб, ҳордиқ чиқармоқда. Шундан кейин ҳужумчи миллий терма жамоа йиғинларида иштирок этади ва Осиё Кубогига ҳозирлик кўришни бошлайди. Жамоамиз матбуот хизмати Гейнрихдан мавсум якунлари бўйича интервью олди.
- Ҳужумчи учун ҳар бир гол қадрли. Ўтган мавсум киритган тўпингиздан қайси бири сиз учун катта аҳамиятга эга бўлди? Нима учун?
- Чемпионлар лигасида «Сепахан» дарвозасига киритган тўпимни алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин. Ўшанда ҳали оптимал формага кириб улгурмагандим. Шу сабабли мураббийлари мени асосий таркибга киритишмаётганди. Лекин ўша куни гол уришимни сезгандим. Радуловичдан тезроқ майдонга туширишини сўрагандим. Хайрият, у илтимосимни қабул қилди. Ўша ҳолатнинг ўзидаёқ меҳмонлар дарвозаси сари жарима зарбаси белгилашди. Уни бор хоҳишим билан амалга оширдим ва тўп дарвоза томон учди. Гол жамоага ғалаба келтирганидан жуда хурсанд бўлдим ва «Пахтакор» ишқибозларига байрам тақдим этдик. Бу жуда ёқимли бўлганди.
- Аввалги мавсумлардан фарқли равишда ўйиндаги турли ҳолатларга нисбатан масъулиятлироқ бўлганингиз кузатилди. Сиз ҳам шундай деб ўйлайсизми?
- Балки, ҳа. Олдин жамоада тажрибали футболчилар сони кўпроқ эди. Масалан, мен билан ҳужумда биргаликда Зайниддин Тожиев ўйнаганди. У масъулиятни ўз зиммасига оларди. Ҳозирги жамоада эса бу вазифани биз ўз бўйнимизга олишимизга тўғри келди. Ўз вақтида биз ёш бўлганимизда, фахрий жамоадошларимиз турли жабҳаларда ёрдам беришганди, қўллашганди. Энди шундай қилиб навбати бизга етиб келди. Йиллар ўтиши билан тажрибалироқ бўлиб борасан, кўп нарсаларга қарашинг ўзгариб боради.
- Ўйин мобайнида охиригача кураш олиб борадиган футболчилар тоифасига кирасиз. Ҳалигача аксарият мухлислар кўз ўнгидан Даммамда сўнгги дақиқаларда жаримадан урган голингиз кетмайди. Ўша тўп «Пахтакор»ни чорак финал сари етаклаганди. Бу қандай бўлганди? - Савол мумкинми, яна ким охиригача кураш олиб боради?
- Одил Аҳмедов, Боян Миладинович ва яна бошқа бир қатор ўйинчилар. Нима, бунга эътирозингиз борми?
- Йўқ, шунчаки бизда бутун жамоа шундай. «Пахтакор» ҳар доим ғалаба учун ўйнаб келган ва шундай ўйнашда давом этади. Мана, сизга юқоридаги саволнинг жавоби.
- Жамоанинг олдига қўйилган вазифаларни бажаришига нима етишмади?
- Қаердадир омад келмади, қаердадир эса ҳакамлар халал беришди. Яна баъзи учрашувларда ўзимиз яхши ўйнай олмадик. «Андижон», «Қизилқум» ва «Металлург» билан ўйинларда очко йўқотмаслигимиз зарур эди. Лекин бу футбол. Унда олдиндан тахмин қилиб бўлмайди. Агар беллашувлар натижаси олдиндан аниланганда, футбол миллионлаб одамларнинг эътиборини ўзига жалб қилмаган бўларди.
- Охирги йилларда сиз бир неча марта хориж клубларига ўтишга ҳаракат қилдингиз, аммо барибир «Пахтакор»га қайтдингиз. Россияда ўйнаш фикридан ҳали қайтмадингизми?
- Биласизми, мен «Пахтакор»ни жудаям яхши кўраман. Айнан шу ерда футболчи футболчи сифатида тарбияландим, мухлислар меҳрини қозондим. Лекин ўзимни Россия премьер-лигасида кўрсатишни хоҳлайман. Ҳамон юқори савияда ўйин намойиш қилишимни исботлашни истайман. Кўрамиз, воқеалар қандай кўриниш оларкин. Ўзбекистонда фақат «Пахтакор» учун ўйнайман. Ишонаман, жамоа ҳали барча унвонларни ўзига қайтаради ва ишқибозларини қувонтиради.
- Интервью учун раҳмат! Сизга ёқимли ҳордиқ ва Қатарда ўтказиладиган Осиё Кубогида омад тилаймиз! Терма жамоа таркибидан ўрин олишингизга ишонамиз.
- Раҳмат! Ҳар доим мухлислар умидини оқлашга ҳаракат қиламиз.


Manba:pakhtakor.uz 386